Биз ёшлар ақидапараст оқимларга қаршимиз

Айни пайтда, бундай жараёнлар кишиларни доимий огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қадриятларни, уларнинг сохта ва ғаразли талқинларидан фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундайди.
Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалага айланди. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилиши, обод жойлар вайрон бўлиши, аҳоли ўртасида ваҳима, парокандалик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида бу каби ишларни амалга оширмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Бу курашнинг моҳияти, жумладан, биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асослаб берилган “Ғояга қарши фақат Ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”, – деган Ғояда ҳам ўз ифодасини топган.
Ислом дини келгач, жаҳолат ўрнини маърифат эгаллади. У аёл – қизлар шаънини кўкларга кўтарди, уч қиз тарбиялаб, уларни турмушга берган ота-она жаннатий бўлиши, жаннат оналар оёғи остида эканини баралла айтди. Кишилар маърифатли бўла бошладилар.
Афсуски, бугунги кунда ҳам жаҳолат турли кўринишларда ўзлигини намоён қилмоқда. Шулардан бири, диний билимсизликдир. Диний саводхонлиги пастроқ бўлган кишилар ўзларини ислом динининг жонкуярлари қилиб кўрсатувчи, аслида эса, ҳокимятни мақсад қилиб қўйган турли оқим вакилларининг қуруқ ваъдаларига алданиб қолмоқдалар, ҳатто, ўзларини қурбон қилишгача етиб бормоқдалар. Бундай мудҳиш оқибатларни келтириб чиқарувчи билимсизликнинг олдини олишга давлатимиз катта эътибор қаратаётганини таъкидлаш зарур.
Ҳақиқий диний билим оламан деганларга кенг имкониятлар яратилган. Мадрасалар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети каби ўқув юртлари фаолият кўрсатаётгани ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида аниқ амалий ишлар қилинганининг ёрқин ифодасидир.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Халқларимизнинг табиатига мутлақо ёт бўлган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандларимизнинг келажагига катта хавф туғдиришни одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак. Халқларимиз тафаккурида юксак ахлоқий маънавий қадриятларни қарор топтириш ва мустаҳкамлаш орқали уларни ёвуз кучларга қарши курашга сафарбар этиш зарур”, деганлар.
Биз ёшлар бундай ақидапараст оқимларга доимо қарши туришимиз зарур, бунинг учун мукаммал билим олишимиз ва миллий қадриятларимизни ва миллий урф- одатларимизни ва буюк аждодларимиз тарихини яхши билишимиз зарур.
Х. ЗАЙНИЕВ,
Ахадхон жоме масжиди имом хатиби