Барча мамлакатларда коррупция бор. Ҳеч қайси давлатда коррупция тамомила йўқ деб айта олмаймиз. Давлатлар бир-биридаги коррупция даражаси билан фарқланиши мумкин. Бизда, афсуски, энг қуйи поғонадан тортиб, энг юқори даражагача коррупция ҳолатлари мавжуд. Аслида бундай бўлмаслиги керак. Зероки давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф бу – коррупциядир.
Коррупция ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамиятни кемирувчи иллат. Инсоният бутун ривожланиш тарихи давомида турли технологияларни ихтиро қилди, кўплаб давоси бўлмаган касалликларга даво топди, афсуски коррупцияга қарши аниқ бир дори йўқ. Уни фақатгина тизимли кураш орқали йўқ қилиш мумкин. Бу дунё тажрибасида ўз исботини топган.
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади.
Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
Биз шўролар тузумидан қутулганимизга ўттиз йил бўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида таъкидлаб ўтади. Биз вилоятлар сессияларида ташкилий масала кўрилганда, биринчи навбатда, мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз.
Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради.
Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда. Ушбу кунда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”ни тан олган, аъзоси ҳисобланган давлатларда турли тадбирлар ва акциялар уюштирилади, плакат ва варақалар чоп этилади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масаласидаги ахборотлар фаоллашади.
Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқ муаммолар таҳлилидан келиб чиқсак. Хитой ва Сингапурникига ўхшаган юқоридан қуйигача қатъий ишлайдиган иерархия тизими ҳали тўлиқ ишга тушмаган.
Бу табиий жараённи сунъий равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим. Бу борада ривожланган давлатлар бой тажрибасидан унумли фойдаланиш зарур. Масалан, АҚШда репортёр-журналистлар коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назоратини ўрнатган. МДҲда, жумладан, давлатимизда суриштирув журналистикаси саёз ҳолатда бўлиб, бугунги давр эҳтиёжидан орқада қолмоқда.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятчилар “кирдикор”ларини фош этишга уриниб, мустақил суриштирув олиб борадиган фидойи журналистлар ҳимояси ишламайди. Бундан ҳам ачинарлиси, ҳозирги кунда бирон-бир раҳбарнинг яширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга қатъий чоралар кўрилмайди, аҳвол ҳам ўзгармайди. Масалан, бир вақтлар раҳбар ҳақида фельетон чиқса, партиядан ўчирилар, қамалар, шунинг учун амалдорлар “тўртинчи ҳокимият”дан ҳайиқарди.
Наздимизча, бу борада битта ташкилот — адлия органларининг роли янаям кучайиб, имтиёзлари кўпайиб бориши керак. Янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам Адлия вазирлиги билан қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда барча ишни бирга олиб бориши давр талаби.
Қувондиқ УЛУҒОВ,
туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси