Савол беринг, жавоб берамиз!

Саволларга “Мадад” ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Маматов Фахриддин жавоб беради.

1 савол. Ўғлим келиним билан ажрашган. Фарзандлар келиним билан. Набираларимни кўриш учун борганимда келиним набирамизни кўришга қаршилик қилмоқда. Ушбу ҳолат қонунийми?
Жавоб. Оила кодексининг 77-моддасига кўра бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.
Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи уларга имконият бериши мумкин. Мазкур ҳолатда, Сиз набираларнинг бувиси сифатида улар билан кўришиб туриш ваколатингиз мавжуд.
Демак, Сиз бола билан кўришиб туриш вақтини белгилаш ва тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

2 савол. Олий таълим муассасасида тўлов контракт шартномаси асосида ўқишга кирдим. Турмуш ўртоғим иш ҳақидан контракт тўловини амалга оширмоқчимиз. Иш ҳақидан контракт тўлови амалга оширилса, қандай имтиёз берилади?
Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловдан даромад солиғи (12%) ушланмайди. Шунга кўра, турмуш ўртоғингизнинг ойлик иш ҳақидан даромад солиғи ундирилмайди.