Тил вужуд бўлса. Сўз унинг либосидир

1989 йил 21 октябрда “Давлат тили хақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ўзлигимизни англаш йўлидаги улкан жасорат бўлган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тилининг давлат тили сифатида қонуний мақоми аниқ белгилаб берилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадхияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан химоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.
Тил вужуд бўлса, сўз унинг либосидир. Айтаётган, ёзаётган сўзларимиз бехатолиги ана шу либос кўркамлигидан. Шу маънода имло қоидаларининг тилимиз софлигини таъминлашда ўрни ва ахамияти беқиёсдир. Очиғини айтиш керак, халқимизнинг айрим қатламида эътиборсизлик, тилдан тўғри фойдалана олмаслик холатидан кўз юмиб бўлмайди. Бу уларнинг оғзаки нутқида хам, ёзма нутқида хам яқол сезилади. Тўғри ёзиш ва тўғри сўзлаш қоидасига амал қилишда етарлича саводхон эмасмиз. Миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, ўз мамлакати билан фахрланиш туйғусини шакллантириш, бой миллий маданий-тарихий анъаналарга ва халқимизнинг интеллектуал меросига хурмат уйғотиш таълим жараёнининг бош мақсадидир.
Дархақиат, иншо ёзма нутқни, фикрни ўстириш, тафаккурни ривожлантиришда мухим воситадир. Инсон қайси касбни эгаллаганидан қатъий назар, юксак тафаккур сохиби бўлсагина, янгилик ярата олади.
Ёзма ишларга эътибор фақат миллий педагогик тажрибада эмас, хориж таълими ва бахолаш тизимида хам кузатилади. Масалан, кенг ёйилган тил ўқитиш дастурлари хисобланган IELTS, TOEFL тизимларида 60 дақиқалик умумий мавзуда эссе ёки иншо ёзиш, 50 дақиқа мобайнида қиганлари хамда эшитганлари бўйича саволларга жавоб тарзида ёки ўзи билган мавзуни далиллар, маълумотларга таянган холда ёзма тарзда асослаб бериш талаблари келтирилган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришиб, жахонга юз очган, турли давлатлар билан кенг қамровли муносабатлар ўрнатган, жахон хамжамиятининг тенг хуқули аъзоси ва узвий бир қисмига айланиб бораётган, натижада эса глобаллашув жараёнида бевосита иштирок этаётган бугунги кунда, биринчидан, ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикасидаги давлат, миллатлараро муомала, бизнес, маданият ва илм-фан тили сифатидаги мавқеини мустахкамлаш, иккинчидан, ўзбек тилига бошқа тилларнинг лексик ва стилистик унсурларининг кенг кириб келишининг олдини олиш орқали она тилимиз софлигини сақлаш долзарб масалалар.
Тўғри, йўл қоидаси бузилса кимдир моддий, кимдир жисмоний жабр кўради. Шунданми доим хушёр бўлишга, йўл қоидасини бузмасликка харакат қиламиз. Имло қоидалари бузилса, унга унчалик эътибор беравермаймиз. Зеро, биз бу қоидабузарликларга лоқайдлик билан қарайверсак, бутун бир тил, бутун бир миллат жабр кўради. У дарров билинмаслиги, аммо билганимизда кеч бўлиши мумкин.
Қумқурғон агросаноат техникумида 21 октябрь-Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинган кунга бағишлаб ўқитувчи ходимлардан диктант ва иншолар олинди ва улар бундан хурсанд бўлишди. Инсон бутун хаёт давомида билим олиб боришлиги, жамиятда ривожланиш тарақиёт бор экан тил хам ривожланиб, янги сўзлар хисобидан бойиб боради. Тилимизга янги кириб келган сўзларнинг имло қоидалари асосида қандай ёзилишини билиб боришимиз албатта хаёт билан хамнафас саводхонлигимиз ошиб боришига бир мезондир.Бу саводхонлик борасидаги уммондан томчи харакатимиз бўлса хам, мухими лоқайд эмасмиз. Мактаблар, профессионал таълим муассасалари, олий ўқув юртлари, матбуот, радио, телевидение миллий тилни тозартиради, обрўсини кўтаради, фуқароларда миллий тил виждонини уйғотишга хизмат қилади.
Хар биримиз ўз она тилимизга эътиборли бўлишимиз, уни ардоқлашимиз, келажак авлодга нафис ва назокатли тилимизни бутун гўзалликлари билан етказишимиз лозим.
Бу иш бугунги авлоднинг келажак авлод олдидаги энг муқаддас бурчидир.
Назира БЕКҚУЛОВА,
Қумқўрғон агросаноат техникуми ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари