Барчамизга маълумки, бугунги кунда тилга бўлган эътибор ривожланиб бормоқда. Бунинг барчаси Муҳтарам Президентимизнинг эътиборлиги натижасидир. Шу боис она тилимизни ҳурмат қилиш, унинг бой имкониятларини ўрганиш барчамизнинг асосий бурчимиз бўлиши лозим. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тил халқнинг миллийлигини, ўзлигини англатувчи кўзгулигини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, буюк мутафаккир, алломаларимиздан бири Абдулла Авлоний ҳам тил ҳақида шундай фикрларни келтирган: “Миллий тилни йўқотмак, миллат руҳини йўқотмакдир” деган эди. Дарҳақиқат, тилнинг аҳамияти, унинг мавжудлиги юрт, миллат тараққиётини белгилаб бериши шубҳасиздир. Тилимизнинг бугунги кунда шу даражага етишига жуда катта ҳисса қўшган буюк алломаларимиздан бири Алишер Навоий бобомиздир. Бу буюк зотнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари тилимизнинг бугунги кунгача етиб келишига асосий воситадир. Улуғ аллома ушбу асарда туркий ва форсий тиллар ўртасидаги фарқни таъкидлаб ўтган. Туркий тилимизнинг қанчалар улуғлигини исботлаган.
Тилшунос олимларнинг фикрига кўра, туркий тиллар эрамизнинг IV асрида 3 гуруҳга бўлинган: қарлуқ, қипчоқ, ўғуз. Улар орасида энг қадимги ёзув қарлуқ гуруҳи замирида шаклланган азалий ўзбек тилидир. Тарихда энг кўп адабий ва илмий асарлар ҳам шу тилда ижод қилинган. Дарҳақиқат, она тилини севган, ардоқлаган инсон қалбида ўтмиши, анъана ва қадриятларга, буюк аждодларига бўлган чексиз эҳтироми мужассам бўлади.
Ҳар йили юртимизнинг барча таълим масканларида 21-октябрь “Тил байрами” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Хусусан, бизнинг 74-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам ўзбек тили байрамини қизғин нишонлади. Қалби қайноқ ўқувчиларимиз ўзларининг ижод намуналарини намоён этди.
Озода БЕГИМОВА,
тумандаги 74-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси