Қаноатсизлик ортидаги сабрсизлик

Туманимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга доир бир қатор фармон ва қарорлари, давлат дастурлари асосида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли соҳанинг барча бўғинларида фаолият замон талаблари даражасида йўлга қўйилмоқда.
Туманимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида ва намунали тиббий хизмат кўрсатишда қишлоқ врачлик пунктларининг ўрни катта. Қишлоқ врачлик пунктларида фаолият кўрсатаётган врач ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ушбу муассасаларда тегишли дастурлар асосида қайта тайёрлашдан ўтган умумий амалиёт шифокорлари иш олиб бораётир. Улар ўзлари бириктирилган ҳудуддаги ҳар бир хонадонда яшовчилар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлиб, оила аъзоларининг саломатлигини доимий равишда ўрганиб, тегишли тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Бундай иш услуби, айниқса, ногиронлар, ҳомиладор аёлларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Куни кеча таҳририятимизга “Жозиба” маҳалласида истиқомат қилувчи нуронийлар томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда келтирилишича улар яшаётган ҳудудда фаолият олиб бораётган Оққопчиғой қишлоқ врачлик пункти ўрнига қишлоқ оилавий поликлиникасини қуриш лозимлиги бўйича айтилган. Ушбу маҳалла аҳолиси бириктирилган 34-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасига бориш учун ноқулай экан. Ижодий жамоа билан “Жозиба” маҳалласидаги Оққопчиғой қишлоқ врачлик пунктига бориб, шарт-шароитлари билан яқиндан танишдик. Аҳоли учун 4 нафар умумий амалиёт шифокори Ў.Мисиров, М.Қурбонназаров, А.Холбоев, Ш.Маматов ҳамда 1 нафар тиш шифокори Ю.Турдиев, 21 нафар ўрта тиббиёт ҳодимлари бириктирилганига гувоҳ бўлдик. ҚВП га тун-у кун хизмат қилиши учун битта тез ёрдам машинаси ҳам ажратилган. Тез ёрдам бўлимида 4 нафар тез ёрдам ҳайдовчиси, 10 нафар фельдшер фаолият юритишмоқда. Бино ҳам яқинда таъмирдан чиққан. ҚВП ҳудудида беморлар ва аҳоли учун ижтимоий дорихона ҳам мавжуд. Хуллас мурожаатни тинглаб қаровсиз, таъмирга муҳтож бино, тиббиёт ходимларини ҳам топиб бўлмайдиган манзара кўз олдимизда гавдаланган эди. Бориб ўрганиб барчасидан хулоса чиқардик. Ҳурматли муштарийлар биз учун яратилаётган шароитларга шукр қилиб, ўрнак бўлайлик. Кимлар учундир бу имкониятлар ҳам мавжуд эмасдир. Бетоб бўлишганда нечи юз километр йўл босиб шифохоналарга боришар. Балким Сизнинг ҳудудингизда қурилиши лозим бўлган оилавий поликлиника ҳақиқий кўмакка муҳтож бўлган ҳудуддан қурилиши керакдир. Олдингда оққан сувнинг қадри йўқ деб бежизга айтишмаган.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА