Янгиланган рейтинги эьлон қилинди

2019-2020 ўқув йилида Таълим инспекцияси томонидан умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш доирасида назорат ишлари ва сўровномалар ўтказилди. Халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда ўтказилган ўрганишлар натижаларига асосан юртимиз туман ва шаҳарларидаги мактабларда таълим сифати таҳлил қилиниб,уларнинг рейтинги аниқланди.
Мактаблар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий қилишдан асосий мақсад, Республика бўйича ўқувчилар билимини баҳолашни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассосацияси каби нуфузли ташкилотларининг ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашишдир.
Юқори ўринни эгаллаган биринчи ўнта ихтисослаштирилган мактаблар қаторидан Сурхондарё вилоятидан туманимиздаги 11-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб интернатининг ўрин олганлиги барчамизни бирдек қувонтирди. Албатта, бундай юксак эътирофга эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг замирида жамоадаги устозларнинг залворли меҳнати мужассам.
Рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, мактабларда таълим сифатини кўтариш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА