ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА НАРХЛАР АРЗОНЛИГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Туманимиздаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ўн тўртинчи сессияси видеоселектор шаклида намойиш қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ва вилоят Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, кун тартибидаги масалаларга тааллуқли ташкилотларнинг бошлиқлари, туман студиясида туман Кенгаши депутатлари, комиссияларнинг раислари, ташкилотларнинг раҳбарлари қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати аъзоси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Ахборот хизмати вакили Музаффар Акобиров сессия ишида иштирок этди.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Тўра Боболов сессияни бошқарди. Кун тартибидаги “Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини сақлаш юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала бўйича вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Т. Боболов, вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари С. Турдиев, вилоят ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари А. Исмоилов, вилоят давлат соли бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари С. Эшматов маъруза қилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг вилоятимизга бириктирилган сенатор сессия қизғин, мунозарали ўтказилаётганлиги, Муҳтарам Президентимизнинг ва ҳукуматимизнинг талабларига яхши амал қилинаётганлиги учун вилоят раҳбарларига, депутатларга миннатдорчилик билдирди. Халқни истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашда амалга оширилиши зарур вазифаларга эътиборни қаратди.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалада янги сайланган депутатлар таништирилиб, фаолиятини бошлаганлиги маълум қилинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б. Шукуров тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С. Сатторов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги ПҚ-2761-сонли “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифий ишлар тўғрисида”, вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи Б. Хурсанов маҳаллий бюджет параметрларининг 3-чорак якуни бўйича ижроси юзасидан ҳисобот беришди. Кун тартибидаги бошқа масалалар кўрилганда бўш турган объектни қайтариб олиш ҳал этилди.
Депутатлар маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволларини айтиб, жавобларни тинглади. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши кун тартибидаги барча масалалар бўйича қарорлар қабул қилди.
   Н. МУҲАММАДИЕВ