Туман газетаси ҳодимларининг 42 йиллик орзуси

Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. Мамлакат ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз бераётганида, жамият янгиланаётганида бу кўзгунинг аҳамияти янада ошади. Матбуот жамиятнинг фаол ва эркин демократик институтларидан бири сифатида янги ғоялар тарғиботчисига, жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг таъсирчан, самарали минбарига айланади.
Одамларда жамият ҳаётида, дунёда юз бераётган муҳим ўзгаришларни матбуот орқали билишга, ижтимоий-сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга қизиқиш кучаяди. Оммага тезкор ахборот етказиш қанчалик муҳим бўлса, журналистларнинг самарали ижод қилишлари учун етарлича шароит яратилиши лозим.
Ўтган йилларда туман марказидаги турли биноларда ижарада туриб, фаолият юритган газета ижодкорлари ҳудудда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни тезкорлик билан ёритишга ҳаракат қилди. Жойлардаги долзарб муаммоларни қаламга олиб, камчиликларни фош этаётган жамоа ўз биносига эга бўлишни орзу қилиб келаётган эди.
Жорий йилда туман ҳокимлиги муассислигидаги газета таµририяти учун ҳомийлик маблағлари асосида икки қаватли янги бинога пойдевор ташланиб, қурилиш ишлари тез, сифатли амалга оширилди. Замонавий усулда жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди.
– Туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жадал суратларда олиб борилмоқда, – дейди газета бош муҳаррири Р. Менгзияева. – Албатта, уларни тезкорлик билан аҳолига етказиш, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларимизга кенг тарғиб қилишда ижодий жамоамизнинг ўзига хос ўрни бор. Лекин, шу пайтгача турли идораларнинг бўш хоналарида ижарада сиқилиб, фаолият юритганимиз учун етарли шароит бўлмаган.
Шу боис ходимларимиз таҳририятнинг ортиқча шовқиндан ҳоли ўз биноси бўлишини жуда истар эди. Бу хоҳишимиз рўёбга чиқиб, янги бинодаги кенг, шинам хоналарда ижод қилиш учун барча қулайлик яратилди. Бундан жуда мамнунмиз. Эндиликда биз янада кўпроқ изланиб, газетанинг тезкорлигини оширамиз. Долзарб мавзудаги қизиқарли мақолаларимиз, ранг-баранг хабар ва таҳлилий материалларимиз билан ўқувчиларимиз сафини янада кенгайтириб борамиз.
Туман ҳокими Р.Гаппаров табрик сўзида “Фойдаланилмай ётган ерда тадбиркорларнинг ёрдами туфайли янги бинони бунёд этдик. Қарийб 680-700 миллион сўм сарфлаб бинони яратдик. Туманимизда янги ислоҳотларни бажаришни қўллаб-қувватласаларингиз шундай эзгу ишларни рўёбга чиқарамиз”, – деди севиниб. Шундан сўнг туман газетасида 25 йил бош муҳаррир бўлган, меҳнат фахрийси Неъматулло Қурбонов билан янги бинонинг рамзий ленталарини кесдилар. Юқори ташкилотларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамроҳлигида хоналардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Замонавий мебеллар, компьютерлар билан жиҳозланган ишхоналаридаги шароитларни кўриб мамнун бўлишди.
Янги иншоотнинг очилиш маросимида туман ҳокими Р. Гаппаров ва сектор раҳбарлари газета жамоасини замонавий усулда қад ростлаган шинам бинода ўз фаолиятини бошлагани билан самимий табриклаб, уларнинг ижодий ишларига омад, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиб боришига муваффақият тилади. Газета таҳририятининг чинакам маънавият ўчоғи бўлишига катта ишонч билдирилди.