Тил байрами Миллат байрами

Бутун мамлакатимиз бўйлаб, энг қутлуғ байрамимиз бўлган “Ўзбек тили байрами куни” нишонланади. Бу байрам нафақат юртимизда, балки бутун дунёда 50 миллиондан ошиқ ўзбеклар ва она тилимиз ихлосмандлари қувониб нишонлайдиган байрамдир.
Ўтган йилнинг 21 октябрь куни пойтахтдаги муҳташам мажлислар саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тили хақида самимий сўзларини айтганида ва бу кунни байрам сифатида нишонлашни таклиф қилганида барча тик оёқда туриб, давомли қарсаклар билан олқишлаган эди. Буни она тилимизнинг ҳаққоний тантанаси, давлатчилик анъаналаримизнинг юксак тараннуми десак арзийди. Чунки она тилимиз – миллатнинг руҳидир, тил–давлат тимсоли, мулкидир.
Ўзбек тили байрами она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини янада юксалтириш айёмидир. Айни пайтда ушбу байрам ўзбек тилини ўқиб ўрганиш, тарғиб қилишдан чарчамайдиган, унинг софлиги, бойлиги ва нуфузини янада юксалтириш учун қайғурадиган, курашадиган хар бир инсоннинг байрамидир.
Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. Биз ўз она тилимизни йўқотмаслигимиз учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз, ёш авлоднинг эса она тилимизга бўлган эътиборини ҳамда қизиқишини орттиришимиз лозим. Ахир, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоийдек буюк алломаларимизнинг она тилимизни яратишда ва бизгача етиб келишигача бўлган хизматларини қадрламасак бўлмас. Шундай экан сиз ва биз мана шундай буюк сиймоларнинг муносиб авлоди бўлиб мана шу тил учун, миллат учун ёниб яшайлик. Тилимизни, динимизни ҳамда миллатимизни асраб авайлайлик.

Зеро, тили ва дини мустаҳкам миллатнинг келажаги буюкдир!

Навоийдан ўлмас мерос,
Ўз тилимсан ўзлигимсан.
Сени буюк деганим рост,
Доим ёруғ юзлигимсан.

Қанча-қанча синовлардан,
Ўтмоқдасан мардонавор.
Ўз тилига эга бўлган,
Миллат бўлгин энг улуғвор.

Гавҳар Саматова,
тумандаги 21-сонли умумий таълим мактаби ўқитувчиси