Вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнтнг олдини олиш

Мустақил Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги бугунги ёш авлод-азиз фарзандларимизнинг маънавий қиёфасига, уларнинг жисмоний камолоти ва ахлоқий поклигининг даражасига хам бевосита, хам билвосита боғлиқдир. Шу боис ёшлар тарбияси масаласи республикамиз истиқлолининг дастлабки кунлариданоқ давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгиланади. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, ёш кадрларни тарбиялаш юзасидан миллий дастурнинг ишлаб чиқилиши, энг биринчи давлат мукофотларидан бири сифатида “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Вояга етмаганларнинг жиноятлари хақидаги ишларни куришда судлар асосан қонунларни тўғри тадбир этилишини таъминламоқдалар. Шу билан бирга, судлар томонидан баъзан шу тоифадаги ишларни куришда айрим процессуал ва моддий қонун талабларини бузиш холларига хам йўл қўйилмокда. Шунингдек, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада анқилаш ва уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
Суд амалиётида айбдорларнинг жиноий қилмишларини нотўғри тавсифлаш, далилларга юзаки бахо бериш, жиноятнинг содир этилиш холатларини, айбдорларнинг оилавий ахволини, соғлигини, ёшини, мехнатга лаёқатли ёки лаёқатсизлигини, турмуш тарзини хисобга олмасдан, алохида ёндошув тамойилига риоя қилмасдан жазо тайинлаш холлари хам учрамоқда.
Жиноят кодексининг 87-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаган холда уларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласига етарли эътибор қаратилмоқда.
Бу хатоларни бартаф этиш учун судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Вояга етмаганларнинг жиноятлари хақида”ги 21-сонли Қарорини изчил ўрганиб амалиётда кенг тадбиғ қилмолда.
Вояга етмаганларнинг жиноятлари хақидаги ишларни кўришда, иш бўйича исботланиши лозим бўлган холатларни синчковлик билан, хар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва судланувчининг шахсини эътиборга олган холда аниқланган хақиий холатлар ва далиллар мажмуасига тўғри бахо берилиб, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган холда қонунда кўрсатилган хусусият ва имтиёзлардан тўла фойдаланишга эътибор қаратилиши лозим.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш вақтида судлар айбланувчига нисбатан қўлланилган қамоқа олиш сифатидаги эхтиёт чорасининг асосли эканлигини синчиклаб текширишлари, айни вақтда ЖПКнинг 242, 243-моддаларига мувофиқ бундай эхтиёт чораси судланувчининг шахси, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси шуни тақозо этган холлардагина қўлланишини назарда тутишлари лозим.
Жамога олиш асоссиз деб топилган холларда суд дархол эхтиёт чорасини ўзгартириши лозим бўлади.
Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари суд мухокамасига қўйилганда айбланувчи вояга етган-етмаганлигидан қатьий назар, адвокат иштирок этиш шарт эканлигини назарда тутишлари керак. Ушбу қоида жиноятчилардан бирининг 18 ёшга тўлмасдан олдин, иккинчисининг вояга етганидан сўнг содир этган ҳолларда ҳам амал қилади.
Жиноят процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ дастлабки тергов жараёни ва судда вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари бўйича адвокатнинг иштирок этиши шарт. Мазкур қоида ЖПКнинг 52-моддаси талабига кўра вояга етмаган шахс ҳимоячидан воз кечганда ҳам тадбиқ этилади. Ушбу процессуал қонун талабларига риоя қилмаслик ЖПКнинг 419, 487-моддаларига асосан, ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўладиган жиноят процессуал қонуннинг жиддий бузилиши, деб, қаралиши керак.
Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолларда унинг иштирокисиз аниқланган ҳар қандай далил юридик кучга эга эмасдир.
Жиноят-процессуал кодексининг 551 ва 562-моддаларига мувофиқ суд вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари кўриладиган вақт ва жой ҳақида уларнинг ота-онасини, ота-она ўрнини босувчи шахсларни, васийлик ёки ҳомийлик органи вакилларини, вояга етмаганлар ўқиган ёки ишлаган корхона, муассаса, ташкилотни, вояга етмаганларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссияни, фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари вакилларини, зарур бўлса бошқа ташкилотларни ҳам хабардор қилади. Суд бу ташкилотларнинг вакилларини, судланувчининг васий ёки ҳомийсини, вояга етмаганларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссиянинг вакилларини гувоҳ сифатида сўроқ килиш учун суд мажлисига чақиришга ҳаклидир.
Вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили масаласи ҳал этилаётганда шуни назарда тутиш керакки, ЖПКнинг 60-моддасининг 2-қисмида келтирилган қонуний вакил бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг рўйхати қатъий белгиланган.
Агар вояга етмаганнинг ота-онаси бўлмаса ва у ёлғиз яшаётган ёхуд тегишли равишда васий ёки ҳомий этиб тайинланмаган шахс билан яшаётган бўлса, суд вояга етмаганнинг қонуний вакили сифатида васийлик ёки ҳомийлик органининг вакилини чақириши зарур.
Агар вояга етмаган шахснинг жиноят содир этишига катта ёшдагиларнинг, шу жумладан, иш юзасидан жабрланувчи, -деб, эътироф этилган шахсларнинг ғайриқонуний ёки ёмон хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, суд бу ҳолатни жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиши, шунингдек зарур ҳолда хусусий ажрим чиқариб, қайд этилган шахсларнинг иш ёки яшаш жойларига муҳокама қилиш учун юбориши лозим.
Жиноят кодексининг 55-моддаси «г» бандига кўра жиноятнинг жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиши натижасида содир этилиши, ёхуд вояга етмаган шахснинг моддий томондан, хизмат ёки бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли содир этилиши жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат эканлигини ҳам назарада тутиш керак. Шу муносабат билан судлар вояга етмаган шахсга нисбатан, айнан, қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлигини аниқлашлари шарт.
Жиноят процессуал кодексининг 19-моддаси 1 ва 2 қисмларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда шу кодекснинг 560-моддаси талабига кўра вояга етмаганлар жиноятлари тўғрисидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этилиши ва уларни назоратсиз қолдириш ҳолларининг олдини олувчи ҳамда улар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиши сабаблари, шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини амалга оширувчи орган ҳисобланишига эьтибор қаратиш лозим.
Шу боис, судлар, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда, ушбу комиссияларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажарган-бажармаганликларини аниқлаб, уларнинг фаолиятини ҳолисона баҳолаб, аниқланган камчиликларга нисбатан албатта тегишли муносабат билдиришлари шарт.

Б. Тошпўлатов,
вилоят ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, катта лейтенант