ИСТЕЪМОЛЧИ ҲАҚ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Туманимиздаги Уяс маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи истеъмолчи С. Б. тумандаги савдо марказига келиб анча вақтдан бери режалаштириб юрган “Roison” русумли совутгични харид қилди. Энди ёзнинг иссиқ кунларида озиқ-овқат маҳсулотларимиз сифатли сақланади, – деб ўйлаб хурсанд бўлди. Истеъмолчи совутгични хонадонига олиб бориб, ўрнатди.
 Бироқ қувончи узоққа чўзилмади. Чунки совутгич носоз чиқди. Истеъмолчи шундан сўнг тезликда савдо марказига келиб сотувчиларга мурожаат этди. Савдо марказидагилар унга ишлаб чиқарувчининг сервиз хизматига мурожаат этиш кераклигини тушунтиришди. Истеъмолчи сервиз хизмати ходимлари билан боғланди, бироқ усталарнинг келишини кута-кута чарчади. Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч” телефони ёрдамида мурожаат йўллади. Ушбу мурожаат туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилганда истеъмолчи ҳақ бўлиб чиқди. Носоз совутгич ишлаб чиқрувчининг сервиз хизмати усталари томонидан бепул таъмирлаб берилди.
СИФАТСИЗ ШИМНИНГ ПУЛИ
ХАРИДОРГА ҚАЙТАРИЛДИ
Туманимизда яшовчи истеъмолчи А. Ж. тумандаги савдо марказига қарашли дўкондан ўзи учун шим сотиб олди. Дўкон сотувчисининг шим сифатли эканлиги тўғрисидаги гапига ишонган истеъмолчи алданганлигини сезмай қолди.
Орадан 3 кун ўтгач шимнинг ранги ўзгариб, сифатини бутунлай йўқотди. Истеъмолчи шундан сўнг савдо марказига келиб дўкон сотувчисига учрашганида рад жавобини олди. У  ҳақиқатни излаб туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Жамият аъзолари мурожаатни ўрганиш жараёнида дўкон сотувчиси Н. Бга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тушунтирди. Истеъмолчига сифатсиз шимнинг пули қайтарилди.
                           Б. БЎРИЕВ,
         туман ИҲҲҚЖ Матбуот ва ахборот мутахассиси