Коррупсияга қарши курашда соmрliance соntrоl тизими

Бугунги кун дунёсида тез-тез қулоққа чалинадиган ва барчамизга кундалик ҳаётимизда ҳам таниш бўлиб улгурган коррупция хусусида мулоҳазаларимизни, дастлаб, ушбу иллатга изоҳ беришдан бошлаймиз: “Коррупция – бу давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриоқнуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир”.
Аслида эса коррупция бирор-бир мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлари мақсадида фойда олишидир. Атама, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланилиши одатий тусга кириб бўлган.
Коррупция бутун дунё давлатлари учун муаммоли иллат, нега унга қарши кураш тизими бўйича янгидан янги усуллар ишлаб чиқилишига қарамасдан кенг томир отган бу “қадрият”ни йўқотиб бўлмаяпти.
Коррупцияга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган.
Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Шу ўринда мамлакатимизда коррупция хавфи юқори бўлган соҳалар хусусида тўхталамиз:
Давлат хизматларини кўрсатиш. Бошқа ривожланаётган мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам давлат ҳар доим ҳам аҳолига зарурий хизматларни, шу жумладан тиббий ва таълим хизматларини етарли даражада сифатли тақдим эта олмайди. Шу муносабат билан шифохоналарда, энг яхши мактабларда, институтларда ва ҳоказоларда чекланган жойлар учун одамлар ўртасида рақобат мавжуд бўлиб, бу муассасаларда коррупция пайдо бўлади.
Тиббий ва таълим хизматларидан ташқари, Ўзбекистонда давлат хизматларини тақдим этишнинг бошқа кўплаб соҳаларида уларнинг аҳолининг мавжуд эҳтиёжларига мос келмаслиги кузатилмоқда. Хусусан, бу сув, газ, иситиш, суғориш тизимлари, асфальт йўллар, кўприклар, парклар ва ўйин майдончалари қурилишига тегишли. Бу ушбу тузилмалардаги коррупция даражаси бошқаларга қараганда юқори эканлигини кўрсатиши мумкин, чунки давлат маблағлари бошқа мақсадларда ишлатилган бўлиши мумкин ёки бундай хизматларнинг чекланганлиги сабабли биринчи бўлиб пора берганларга хизмат кўрсатилиш ҳолатларини жадаллаштириши мумкин.
Иқтисодий фаолиятни тартибга солиш. Хўжалик фаолияти механизмларини лицензиялаш ва тартибга солиш корхоналарга мансабдор шахсларнинг “имтиёзли режим”дан ўз мақсадларида фойдаланиш имкониятини яратади. Натижада, “фойда”ни давлат амалдорлари билан бўлишиш мумкин, улар ўз навбатида лицензия бериш ёки савдо-сотиқни ҳимоя қилишни ўз зиммаларига оладилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда 355 турдаги фаолият турлари мавжуд бўлиб, уларни амалга ошириш учун тегишли лицензия талаб этилади. Бундан ташқари, фаолиятнинг 140 тури турли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган рухсат берувчи ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Иқтисодчи Бэрдҳеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, мулкни ўзлаштириш, фитна, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, хушомадгўйлик, совға, қариндошлик, ҳомийлик ва бошқалар.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда “compliance control” тизими жорий этилди. Ушбу коррупцияни ўлчаш тизими қанчалик даражада ўз самарасини кўрсатади ва айни шу жиҳат бўйича хориж тажрибаси хусусида қуйидаги қарашлар таҳлилини келтирамиз:
Ўлчов усуллари орасида энг кенг тарқалгани коррупцияни идрок этишни баҳолашдир (масалан, Transparency International ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индекси, Жаҳон банкининг коррупцияни бошқариш индекси). Ушбу усул мамлакат экспертлари ва аҳоли ўртасида мамлакатда коррупция ҳолати тўғрисида сўров ўтказишни назарда тутади.
Шу билан бирга, ушбу усулнинг ноқулайлиги шундаки, жамоатчилик ва экспертларнинг фикрларига тақдим этаётган маълумотларининг очиқлиги ва сифати мамлакатлар ва вақт оралиғида турлича бўлган оммавий ахборот воситалари таъсир қилиши мумкин.
Ўлчашнинг яна бир кенг тарқалган усули – бу коррупцияни баҳолаш бўйича сўров усули (масалан, Transparency International ташкилотининг глобал коррупция барометри ва Жаҳон банкининг бизнес сўрови).
У мамлакатда коррупция муаммолари билан боғлиқ тажрибаси тўғрисида фирмалар ва аҳоли орасида сўров ўтказишни ўз ичига олади.
Юқоридаги усулнинг камчиликлари – баъзи респондентларнинг давлат органларида коррупция бўлишидан манфаатдорлигидадир, шунинг учун улар коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар бермасликни лозим тутишлари мумкин.
Коррупцияни бевосита кузатиш ҳам коррупцияни баҳолаш усулларидан бири сифатида қўлланилади. Масалан, Индонезияда тўққиз ой давомида тадқиқотчилар юк машиналари ҳайдовчиларининг кийимини кийиб, одатий йўналишлар бўйлаб юк машиналари ҳайдовчиларини кузатиб боришган ва юк машиналари ҳайдовчилари полиция назорат пунктида тўхтаганларида қанча тўлашганини қайд этиб боришган. 300 тадан ортиқ саёҳатлар давомида улар 6000 дан ортиқ ноқонуний тўловларни кузатишган. Натижада, ноқонуний тўловлар умумий саёҳат ҳаражатларининг 13 фоизини ташкил этганлиги маълум бўлган. Ушбу усулнинг ноқулайлиги тегишли тадқиқотларни ўтказиш учун кўп вақт ва молиявий харажатларни талаб қилишидадир.
Коррупцияни ажратиш бўйича баҳолаш ҳисобот назорати органлари томонидан амалга ошириладиган ҳисобот харажатлари ва амалда ишлатилган харажатларни таққослашни ўз ичига олади. Ушбу усулнинг камчиликлари шундаки, инспекция органлари ходимларининг ўзи пора олишга ва ўғирликни яширишга мойил бўлиши мумкин.

С. Менглиқулов,
туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси