Она тили миллатнинг руҳидир

Бундан 31 йил муқаддам-1989 йил 21 октябрь куни- ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўша доғули бир замонда амалга ошиши маҳол бўлган, лекин, фидоий ва ташаббускор зиёлилар ва уларга эргашган талабаларнинг мутлоқ ғалабаси эди.
Шу сабабли она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ўша даврда том маънода оламшумул воқеа бўлди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб колган эди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларнинг сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлашга ўргатади. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.
Бугунги кунда, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг экологик маданиятини шакллантиришда ҳам давлат тилининг аҳамияти улкандир. Кўпгина экологик атамалар ўзга тиллардан олинган бўлиб, байналминал сўзлар сифатида иш жараёнимизда ишлатиб келамиз. Жумладан, экология, компенсация, норматив, пеня каби сўзлар. Ҳозирги кунгача жуда кўплаб экология соҳасига оид адабиётлар рус тилида бўлиб, ушбу адабиётларни ўзбек тилига ўгириш долзарблигини йўқотмаган.
Маълумки, Муҳтарам Юртбошимизнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ ва Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи бор ўз Она тилида —ўзбек тилида нутқ сўзлаши, жумладан, глобал иқлим ўзгариши, Оролбўйи минтақасидаги экологик фожеалар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўзбек тилида сўзлаши оламшумул воқеа бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек тилидаги бу оташин нутқ, буюк Алишер Навоий тили бутун олам бўйлаб янгради. Демакки, башарият илм бешигини тебратган буюк алломаларнинг она тилида экологик адабиётлар, Ўзбек тилидаги экологик изоҳли луғатлар нашр этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бўлиши зарур. Албатта, бундай нашрлар аҳолининг экологик маданиятининг ошишига улкан ҳисса қўшади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни тобора яқинлашиб келаётган муқаддас сана-21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун билан муборакбод этамиз.

Э. Зиёев,
вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалаллари бўйича маслаҳатчиси
Б. Исматов,
туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги инспекцияси бошлиғи