Аввало, давлат тилининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва мавқеи ҳақида. Сўнгги 31 йилда мамлакатимизда бу борада муаммолар йиғилиб қолган бўлса-да, умуман олганда давлат тилининг фуаролар ҳаётидаги ўрни ва мавқеи объектив, табиий зарурат таъсирида ортганини қайд этиш лозим. Яъни бугун аҳолининг катта қисми ўзбек тилида мулоқот қилади, сўнгги йилларда бу тилда мулоқот қилувчи аҳоли сони янада ортган.
Тилнинг ривожланиши расмий, сиёсий, ижтимоий, илмий йўналишларни қамраб олишини ҳам тақозо қилади. Бу борада эса қатор муаммолар бор.
Ўзбекистонда ўзбек тилини ўрганиш учун тил муҳити мавжуд бўлгани ҳолда, ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж паст. Яқинда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тили бўйича имтиҳондан ўтилиши тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу тартиб ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёжни юзага келтиради. Шунингдек, Давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя қилмаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарликни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лекин шунга қарамай ҳозирда давлат тилини билмаслик фуқароларга мансаб пиллапояларида юқорилаш, бизнес юритиш, таълим олиш, мулоқот қилишда ҳалақит бермайди. Бу бир томондан, мамлакатимизда олиб борилаётган либерал тил сиёсатининг ижобий томони, яъни фуқароларга ўз она тилида мулоқот қилиш, таълим олиш каби ҳуқуқларнинг амалда кафолатланганлиги исботи бўлса, бошқа томондан бу жараёнда “Давлат тили ҳақида”ги қонун меъёрларига тўлиқ амал қилмаслик ҳолатлари кишини ташвишлантиради. Масалан, бугунги кунда айрим давлат ташкилотларидан хатлар ва бошқа ҳужжатлар давлат тилидан бошқа тилларда чиқарилаётгани, шартномалар, тендер материаллари, классификаторлар ва ҳоказо муҳим ҳужжатларнинг давлат тилидаги вариантлари мавжуд эмаслигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Очиқ тан олиш керак, бизда давлат тили масаласида муаммолар анча йиллардан бери ҳал қилинмай, тўпланиб қолган. Терминология, луғатшунослик, кадрлар тайёрлаш, давлат тилида иш юритиш, ўзбек тили таълими, реклама, норма ижодкорлиги, илмий фаолиятдан тортиб давлат тилига бўлган муносабатгача қатор соҳаларда ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Норма ижодкорлиги ва давлат тилида иш юритиш масаласи давлат ташкилотлари ва идораларига, Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун киритиладиган лойиҳаларнинг давлат тилида бўлиши, давлат тилидаги муқобили бўлмаган қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаслиги маълум қилинган.
Шунингдек, давлат органлари ва муассасаларида давлат тилида иш юритилиши, барча иш юритиш ҳужжатлари, тадбирлар, пешлавҳалар ва бошқа ёзувлар давлат тилида бўлиши, бошқа ташкилотлар билан ёзишмалар ва ҳужжат ишлари давлат тилида олиб борилиши керак деб белгиланган.
Қонун ҳужжатлари жамоатчилик муҳокамасига давлат тилида тақдим этилишини таъминлаш мақсадида regulation.gov.uz порталига давлат тилидаги версияси бўлмаган лойиҳаларни жойлаштирмаслик тартиби жорий этилган. Яъни бу билан бир томондан давлат тилида иш юритиш тартибини тўлиқ жорий этиш, иккинчи томондан норма ижодкорлигида қонун ҳужжатларининг лойиҳалари давлат тилида тайёрлаш кўзда тутилган.
Ўзбек тили таълими масаласида. Давлат хизматчиларида давлат тилида иш юритиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бу борада малакасини ва тажрибасини оширишда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети қошида очилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази томонидан бу ишлар йўлга қўйилиши бошланди. Бироқ бу тилни биладиганлар учун малака ошириш босқичи. Ўзбек тилини билмайдиган, аммо уни ўрганишни истаётганлар учун-чи?
Агар биз ўзбек тилини ривожлантириш, мавқеини ошириш, хусусан, давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни тўлиқ йўлга қўйишни истар эканмиз, бу аввало, бугунги кунда фаолият олиб бораётган ходимларга ўзбек тилини ўқитиш масаласини ҳал этишимиз керак. Лекин шу кунгача бизда ўзбек тили фақат мактабларда бепул ўтилади, фуқароларга ўзбек тилини ўқитиш жараёни яхши йўлга қўйилмаган. Шу кунгача ўзбек тилининг универсал грамматикаси ишлаб чиқилмагани, тил ўқитиш методикасининг жаҳон стандартларига мувофиқлаштирилмагани, бу борада мутахассислар ва малакали педагогларнинг етишмаслиги ҳақида кўп гапирилди. Масалан, узоқ вақт давомида ўзбек тилини билмайдиган, ўзбекча гапирмайдиганлардан таркиб топган гуруҳларга ўзбек тилини ўргатиш учун кадрлар тайёрланмади. Фақат 2016 йил ташкил этилган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бу йўналишда 100 кишилик квота ажратилди ва энди бу йўналишда кадрлар тайёрланмоқда. Лекин шунда ҳам бугунги кунда ҳамма учун мақбул, етарли ўзбек тилини ўргатиш тизими яратилмаган. Хусусан, универсал дарсликлар, видеодарслар, аудиоматериаллар, тил ўқитишнинг замонавий технологик усуллари жорий этилмаган.
Шу боис ўзбек тилини ўрганаман деган фуқаролар бу борада маълум қийинчиликларга дуч келмоқдалар.
Ўзбек тилида жиддий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий мавзуларда мунозара ёки мушоҳада юритиш амалиётда терминологик танқислик деган тўсиққа учраб келмоқда. Нафақат терминлар, балки жиддий илмий ифодалар, қолиплар, гап қурилмалари жиҳатидан ҳам қатор муаммолар бор. Бу эса ўзбек тилида илм қилиш, сиёсат юритиш, ҳужжат ишларини олиб бориш каби жараёнларни қийинлаштиради.
Маълумки, таржималар орқали тил бойийди, тафаккур бойийди. Бугун ўзбек тилида матнлар, китоблар, видео ва аудиконтентлар жуда кўп бўлиши тил ўрганувчилар учун ҳам, уни биладиган ва амалда фаол қўллайдиганлар учун ҳам муҳим эҳтиёждир. Бунинг учун эса турли тиллардан аслиятдан таржималарни кўпайтиришимиз, ўзбек тилида маданий, илмий, бадиий манбалар базасини бойитишимиз лозим.
Умуман олганда, тилимиз тараққиёти прогнозлари устида жиддий бош қотирадиган давр етиб келди. Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ: бундан кейин давлат тили Ўзбекистон фуқаролари учун кенг тарқалган, тушунарли, севимли омил бўлиши керак.
Д. Худойқулова,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси