ХОТИН-ҚИЗЛАР МУСОБАҚАСИ

Туманимиздаги Алпомиш спорт мажмуасида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган    раҳбар аёллар ҳамда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган хотин-қизлари иштирокида туман биринчилиги ўтказилди.
Мусобақа низомига кўра, велопойга ва веломарафон спорт турлари бўйича мусобақалар бўлди. Жами 50 га яқин хотин-қизлар туман биринчилигида қатнашди. Раҳбар аёллар ва умумтаълим мактабларининг директорлари спорт ўйинларида ҳам кучли эканлигини кўрсатди. Катта ёшли, раҳбар аёллар ўртасидаги велопойгада қатнашган 4-сонли умумтаълим мактабининг директори, туман Кенгаши депутати Қирмиз Турсунова ғолиб чиқди. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Салима Валиева фахрли иккинчи, туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби раҳбари, кураш бўйича жаҳон чемпиони Соҳибжамол Холиқулова  фахрли учинчи ўринни эгаллади.
1000 метр масофага веломарафонда 66-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси, Ёшлар ишлари агентлиги етакчиси Манзура Жўраевага тенг келадиган топилмади. У дастлабки дақиқаларданоқ пешқадамлик қилиб, биринчи бўлиб маррага етиб келди. БЎСМ мураббийси Нилуфар Бобоева фахрли иккинчи, 27-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шоира Туропова фахрли учинчи ўриндан жой олди.
Туман ҳокими Р.Гаппаров қишлоқ аёлларини байрам муносабати билан қизғин табриклаб, ғолиблар ва совриндорларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғасини  тантанали равишда топширди. 4-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ойбарчин Ҳожиева ва 33-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳайитхол Қурбонова туман биринчилигида фаол қатнашганлиги учун рағбатлантирилди. Бундай мусобақалар Янгиер, Жалоир, Хўжақишлоқ маҳаллаларида ҳам давом эттирилди.