Қўлдан берганга қуш тўймас

Ижтимоий тармоқлар орқали танишганимиздек икки нафар фарзанди билан ўн беш йилдан буён шифтидан юлдуз кўринадиган, деворлари кун сайин нураб бораётган кўримсизгина уйда Маҳбуба Бозорова яшайди.
Мутасаддиларнинг эътибори ва кўпнинг ҳомийлик ёрдами билан М.Бозорованинг уй-жойи бузилмасдан, томорқа четидан замонавий қуриб битказилган 3 хонали уйни ҳам қабул қилмаяпти деган мазмунидаги хабарни кўриб, аввалига ҳайрон бўлдим.
Наҳотки, мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати ва ҳомийларнинг кўмаги билан қуриб берилган уй фуқарога ёқмаётган бўлса. Балки, Маҳбуба опа янги қурилган уйда ўзидан-да ночор, қийин аҳволда яшаётган бирорта қўшниси яшашини истаётгандир.
«Кўп эшитгандан бир кўрган яхши» деганларидек, Қумқўрғон туманининг «Ариқошган» маҳалласи томон йўл олдик. Ҳақиқатдан ҳам катта йўлдан эмас, аксинча, ёлғизоёқ йўлдан бориш мумкин бўлган кўримсизгина томда бўйи етган икки нафар қизи билан яшаётган аёлнинг аҳволи ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Уй атрофи йиғиштирилмаган. Эшик деразалари, том усти ва деворлар қўл тегса йиқилиб кетар даражага келиб қолган. Маҳбуба опанинг бетоблиги сабаб иккинчи қизи Нилуфар Дониёрова билан суҳбатлашдик.
– Болалигимизда ота-онам ажрашиб кетишган. Ўтган йили бувимдан отам ҳақида сўраганимда аниқ маълумот айтмаганди. У киши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган тоғам шу ерда яшайди. Йили аниқ ёдимда йўғу, 2008 ё 2009 йилдамиди Қашқадарёдан шу ерга кўчиб келганмиз. Тоғам ихтиёридаги ер майдонининг 13 сотихини томорқа сифатида бизга берганлар.
2019 йилда Қумқўрғон хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини компьютер йўналишини тамомлаганман. Онамнинг бетоблиги учун ҳафтасига 3 кун ўқиб келардим, қолган кунлари онамга қарардим. Коллежни тамомлаганимдан буён уйдаман. Ишлай десам, иш йўқ Опам Умида тоғамнинг қизи билан Тошкентга бориб тикув цехида ишларди. Тоғамнинг қизи турмушга чиқиб кетганидан сўнг опам ҳам бир йилдан буён уйда ҳеч қаерда ишламайди.
– Нилуфар ҳозир ёшлар бандлигига уларни иш билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Опангиз тикувчилик қилган экан, сиз ҳам касб-ҳунар коллежини тамолаган экансиз. «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури асосида имтиёзли кредит олиб тикувчилик қилсангиз бўлмайдими ёки жамоатчилик асосида ишлашингиз керакдир. Ҳар ҳолда ҳаракатда баракат, дейишган.
– Опам тикувчиликни билмайди. Тошкентдаги тикув цехида фақатгина тўғри чокни компьютер машина ёрдамида тиккан. Мен ҳам ҳеч қандай ҳунарни билмайман, ўрганмаганман. Кўчада ишлаш бизга тўғри келмайди. Опамнинг томоғида сурункали ангинаси, буқоғи бор. Уни ҳам даволатишимиз керак. Мен ҳам иссиқда ишлолмасам керак. Пахта териш учун ҳам пиёда юришимиз керак.
Агар биз пахта териш учун далага борсак, уйда бетоб бўлиб ётган онамга ким қарайди? Маҳалла берадиган моддий ёрдамдан бошқа ҳеч қандай даромадимиз йўқ. Нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни билмаймиз. Ҳокимиятнинг биз мурожаат қилмаган бирорта дарчаси қолмади. Аввал ишлаб кетган вилоят ҳокими ва туман ҳокимига ҳам бир неча маротаба оғир шароитдаги уйда яшаётганлигимиз бўйича мурожаат қилганмиз.
Аммо фойдаси бўлмаган. Мутасадди раҳбарлар ўзларидан билиб ёрдам қилишмайди, қачонки, мурожаат қилсак, шундагина ёрдам қилишади холос. Ўйлаб кўринг, 4 йил деганда уч хона уй қуриб берган ҳокимиятдан яна нима кутиш мумкин? Бизнинг ҳам яхши яшашга ҳаққимиз бор-ку. Қуриб берган уйининг ҳам фундаменти қийшиқ, бир ой олдин ёққан ёмғир туфайли томидан чакка тушди. Шиферларни ҳам қўл учида қўйишган.
Карантин сабабли етти ойдан буён ҳокимият моддий ёрдам бериб, озиқ-овқат беряпти. Карантин бўлмаса, ёрдам беришмайди. Ҳокимиятдагилар давлат қуриб берган янги уйни худди-ки, чўнтагидан қуриб бергандек муносабатда бўлишади. Мурожаат қилсак, ўрганишга келишади-да шовқин кўтариб, онамнинг қон босимини оширишади. Бирор кун тинчлик йўқ. Биз нима қилишимиз керак, билмаймиз.
Тўғриси, бу гапларни эшитиб, бирор бир изоҳ ёзиш ёки ёзмасликни билмай қолдим. М.Бозорова ёши катталиги ва бетоблиги сабабли ишлай олмас, аммо икки нафар ёш қизи-чи?! Улар ҳам онаси сингари касалмиз дейди-я. Назаримда, бу оила фарзандлари ўзлари соғлом бўлса-да, фикру хаёллари ва дунёқараши хаста. Қўлидан юмуш келадиган қизлар ёшларимиз учун имконият ва имтиёзлар яратилган бир вақтда бирор-бир касб ҳунарнинг бошидан тутмаганига «қойил».
Улар кун бўйи уйда ўтириб, зерикмаганига нима дейсиз?! Балки, маҳалла фаоллари бу қизларни жамоатчилик асосида ишга ёки ҳунар ўрганиши учун бирор-бир ўқув марказига таклиф қилиши керакмикан? Агар бу таклиф фаоллар томонидан билдирилганда ёш қизлар ҳунар ўрганиб ишли ҳам бўлишармиди?!
– Тўғрисини айтсам, айтмаган таклифимиз, кўрсатмаган йўл-йўриғимиз қолмади, – дейди «Ариқошган» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Чориев. – Ўзлари бекорчиликни хуш кўриб, фақатгина маҳалла томонидан бериладиган моддий ёрдамга қараб ўтиришади. Маҳалламизнинг бошқа аёллари сингари уларга ҳам жамоатчилик асосида ишлашга таклиф қилдик, пахта йиғим терими учун шартнома тузайлик деб бир неча маротаба бордик.
Аммо фойдаси бўлмади. Топган гапи «Биз бетобмиз. Онам бетоб, кун бўйи ишга кетсак, ким онамга қарайди? Сизларнинг вазифаларингиз бизга ёрдам бериш эмасми? Ҳамма сингари бизнинг ҳам яхши яшашга ҳақиқмиз бор-ку. Биргина бизга ёрдам беришни эплолмайсизлар». Тўғриси, бу оиладан кўп йиллардан буён шу гапни эшитамиз. Жамоатчилик асосида ишлашни ҳам исташмайди. Тўғрироғи, меҳнат қилишни хоҳламайди.
Арзимаган масала юзасидан ҳам биз қолиб туман ҳокимига мурожаат қилишади. Ўтган олти ой ичида туман ҳокимлиги, сектор раҳбари ва ҳомийларни ёрдамида М.Бозорованинг оиласига кўп эмас, оз эмас 12 маротаба ёрдам қилибмиз. Маҳалламизда 24 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бўлса, 38 та ногиронлиги бор фуқароларимиз бор. Уларга ҳам навбати билан ёрдам қиламиз.
Айниқса, карантин шароити қийналиб қолган оилалар сони кўпайиб қолди. Туманимиз ҳокими раҳбарлигида ҳар бир фуқароларимизга имкон қадар ёрдам беряпмиз. Энди фуқароларнинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши керакда. Фақат бир кишига ёрдам қилаверсак, қолганлар-чи?! Қолганларга ким ёрдам беради.
Албатта, халқимизда «Ётиб еганга тоғ чидамайди» деган мақол бекорга айтилмаган. Инсон меҳнати, ҳаракати ва рўзғор тутими билан гўзал. Зеро, ҳар биримиз яхши яшаш, янги уй жой қуриш, фарзандларимизнинг камолини кўриш учун астойдил ҳаракат қиламиз.
Раҳматли бувижоним айтганидек, «Меҳнат қилиб топганим – қанду новот тотганим» биров берган нарсани эмас, ўзимиз ишлаб, меҳнат қилиб топган нарсани қадрига етамиз, уни асраб авайлашимиз айни ҳақиқатдир.
Туманимизда 129 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар бор, – дейди туман ҳокими ўринбосари Зулхумор Хидирова. – Кўпнинг ёрдами билан Маҳбуба Бозоровага қиш-қировли кунларга қолдирилмасдан 3 хонали уй қуриб бердик. Гапнинг очиғи, бу аёл шукроналик туйғусидан жуда йироқда. Шу уйнинг тамал тошини қўйиб бошлаганимиздан то ҳозиргача биздан норози.
Бу хонадонга қилмаган ёрдамимиз қолмади. Тадбиркор ва саховатпеша инсонларни жипслаштириб, янги уйнинг том қисмини ёпиб, эшик ромини қўйдирдик. Бадастур барча юмушлари битиб, яшашга тайёр бўлган уйга кўчиб ўтишга норози. Сабаби, шинамгина уйни лойдан эмас, пишиқ ғиштдан қурганимиз.
Эҳ, мана сизга муносабат. «Давлат менга нима берди эмас, мен давлатга нима бердим», дейдиган вақтимиз келмадимикан? Нима бўлганда ҳам ориятли, ғурури баланд, меҳнатсевар халқ вакили эканлигимизни унутмайлик. Зеро, қўлдан берганга қуш тўймайди.
Бу қораламамиз билан кимнидир ранжитиш, кўнглини оғритиш ниятидан йироқдамиз. Фақат, шукур қилиб борига қаноат қилишни ўргансак яхши бўларди.
Нигина ШОЕВА