Тил маьнавият ва маьрифат кўзгуси

Давлатлар ўз ҳудудларини чегара орқали ажратиб турсалар, ўз маданияти, тили, дини билан маънавияти, маърифатини намоён қиладилар. Ер юзида миллионлаб халқ бўлиб, барчаси ҳам бизга маълум бўлмаслиги мумкин, албатта. Бироқ ўз тилига эга бўлган халқ ўзлигини намоён қилишга қодир бўлади. Чунки тил миллатнинг кўзгуси, ўзлиги, маънавий қиёфаси демакдир. Тил – ижтимоий ҳодиса ҳисобланиб, инсонларнинг мулоқот воситаси ҳисобланади. Ҳар бир тилнинг ўзгача жилваси,қиёфаси, оҳанги бўлади. Буни у тилда айтилган назм ва насрдан, ҳиргойи қилинган чиройли ҳонишдан англаш мумкин. Шунинг учун ҳам, тил миллатнинг асл хазинаси.
Ҳар бир тил муайян халққа тегишли бўлади ва ўша халқ учун азиздир. Инсон касбий фаолиятда бўладими ёки оиладами ўз она тилини бузиб гапириши ўз тилига, халқига хиёнат билан тенг. Ҳозирда кўпгина шахслар фарзандига тил ўргатиш масаласига жуда муккасидан кетишган. Бирок, аксари фуқароларимиз жамоат жойларида соф адабий тил ўрнига ўзи ўзлаштирган тил терминлардан фойдаланиб, сўзлашишларини кузатиш мумкин. Бу фикрлар билан “Фарзандингизга тил ўргатманг” дейиш фикридан йироқман. Фақат ўзликдан кечиб, тилларни қориштириб юбориш – бу тилига, халқига ҳурматсизликдир. “Ўғузнома” асарида келтирилишича Нуҳ алайҳиссаломнинг даврида бутун дунёни сув босади. Нуҳ алайҳиссаломнинг тўрт нафар ўғли бўлиб, бир нафар ўғли сувга ғарқ бўлади. Қолган ўғиллари Ёфас, Ҳом, Сом эса оталари билан кемада қоладилар. Тўфон тингач Бобил шаҳри ўрнида кема бир неча муддат тўхтайди ва кемадагилар уйқуга кетадилар. Улар уйқудан уйғонганларида пайғамбарнинг учала ўғли ҳам бир- бирига нотаниш ва тушунарсиз бўлган 3 хил тилда сўзлайдилар. Нуҳ алайҳиссалом бунинг ҳикматини англаб ўғилларни дунёнинг уч жойига жўнатади. Асарда Ёфас – туркий тилда сўзлагани далиллари келтирилади. Ёфас фарзандига Турк деб исм қўйган. Туркий тилнинг пайдо бўлиш моҳияти айнан мана шу ўқ илдизга бориб тарқалади. Ўзбек тили “турк тили”, “ҳоқония тили”, “буғрахон тили”, “кошғар тили”, “чиғатой тили”, “чиғатой туркчаси” деган номлар билан аталган. Тилимизнинг бойишида, сайқал топишида бобокалонимиз Алишер Навоийнинг хизматлари катта ўринни эгаллайди. Ҳазрат ўзбек тилини бойитиш учун илмий рисолалар ёзиб таҳлил қилган. Ҳали ҳеч ким Алишер Навоийдек ўзбек тилини севмади, эъзозламади. Шоир асосий вақтини, илмини, ғояларини, ҳисларини, маблағларини шу тилни сайқал топишига сарфлади.
Асрлар силсиласида сайқалланиб, авайлаб, жилоланиб келаётган жонажон тилимизга ҳурмат бажо келтиришимиз, бой тилимизнинг жилосини бутун дунёга таратишимиз керакки, дунё маънавий-маърифий хазинамизни кўриб тан берсинлар. Бошқа бир инсонни ҳурмат қилишдан олдин инсон ўзини ҳурмат қилишни, қадрлашни билиши керак. Зеро, ўзимиз тилимизда ҳурмат билан сўзлашмас эканмиз, унга қориштириб бошқа тиллар билан бузиб гапирар эканмиз, тилимизни жилваси сўнаётгани, ўз тилимизни четга сураётганимизни англашимиз керак. Ахир бу ёмон оқибатларга, миллатнинг маънавий қиёфаси ўзгаришига сабаб бўлишини теран фикрлаб кўришимиз керак.
“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 1989 йил 21 октябрда қабул қилиниши ўтган асрда қашшоқлашиб, эрксизликка юз тутган тилимиз учун катта эврилиш бўлди. Ҳолбуки, ўша даврларда она тилимизнинг юксалишига тўсиқ бўлиб қалин-қалин деворлар кўтарилган эди. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 21 октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850 сонли қарори муҳим ҳодиса бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар соҳада олиб борилаётган ишлар қатори тилимизга алоҳида эътибор қаратилмокда. Шунинг билан биргаликда давлатимиз ўз гўзал забон эгаси эканлигини, жорий йилда бўлиб ўтган БМТнинг 75-сессиясида Юртбошимиз ўз нутқларини айнан ўзбек тилида амалга оширгани тилимизга бўлган эътиборнинг энг олий кўринишларда намоён бўлиши дея ифтихор этишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш истагидагиларга ҳам айнан ўзбек тилини билиш бўйича синовдан ўтказилиб,ушбу тилни билиш салоҳиятига қараб фуқаролик берилиши ўзбек тилининг нуфузи ҳар қачонгидан ўзгача касб этаётганидан дарак беради.
Ҳар бир инсон калбида миллий урф-одатларимизга муҳаббат ҳисси уфуриб турса, тил муаммоларини ҳал этиш у қадар қийин кечмайди. Зеро, бой тилимизда айтилганидек, куч – бирликда. Бироқ, эътиборсизлик тилимиз илдизига болта уриш билан баробардир. Телеведение ва радиоларда соф адабий тилда сўзлашиш тартибига риоя қилинмаётган ҳолатлар ҳам афсус кўзга ташланмоқда. Республикамиз бўйлаб қад кўтарган объектлар, хусусан, ресторан, овқатланиш шоҳобчалари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналарнинг ўз тилимизда номланмаётганлиги, интернет тармоқларида ҳам ўзларига ғарбона исмлар ёки статуслар қўйиб олишлари ачинарли ҳол албатта. Бу ёқда фан фидойилари ўзбек тилига оид маълумотларни жамлаб, тилимизни бойитиш йўлида бош қотириб меҳнат қилсалар-у, телеведение, радио, интернет тармоқлари орқали бу ҳаракатларнинг зиди, яъни чет тили луғатларидан фойдаланиб гапириш оқимлари тўхтамаса, “от”имиз бир жойда депсиниб туравермайдими? Муассасалар, ташкилотларда ҳам ҳужжатлар юритишда имловий хатолар, бир қолипга тушиб қолган сўзлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмокда. Тил бу – Ватан сўзидек ёқимли ва тотли. Боболарнинг ўгитлари, чўпонларнинг ҳиргойиси, гўдак ингаси-ю, сувнинг шилдираши, биринчи ширин таъм, суюкли ёридан эшитган биринчи сас, чигиртка чириллаши-ю, қўйнинг марашигача она тили фитрати бор. Халқлар ўз тилларини севиш, бойитиш, фарзандларига она тилига муҳаббат, садоқат туйғусини уйғотишда биринчи воситачи ҳисобланади. Шундай экан ҳар бир шахс ўз она тилини ҳурмат қилиши ва ривожланишига имкон қадар ҳисса қўшиши лозим.
Халқ бирдам бўлиб маънавиятини, тилини бойитишга интилмас экан тубсизлик қарига силжийверади. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун бирлашиб ҳаракат қилишимиз, бола тарбияси билан шуғулланиш мобайнида ўсиб келаётган ёш авлодга тилга ҳурмат туйғусини шакллантиришимиз, тил ўрганиш давомида ўз она тилига ўрганаётган тилини қориштирмай, тилимизни бузмай тўғри сўзлашга ўргатишимиз зарур. Ҳар қандай ёшларни бугунги кунда ижтимоий тармоқ кўпроқ қизиқтиради ва улар кўрган нарсасига тақлид қилишга интилади. Бироқ телевидения, радио, интернет тармоқларида ҳам уларга ўрнак бўлиб, тилимизга муҳаббат руҳида вояга етказишимиз ҳар бир ўзбек халқининг бурчи ҳисобланади. Қуруқ сўз билан эмас, амалда қўллаб уларга ўрнак бўлишимиз керак. Кўп ҳолларда адабий тилдаги айрим жумлаларни ўзбек фарзандлари билмаслиги ёки ўрнига замонавийроқ кўриниш учун рус, инглиз тилидаги сўзга алмаштириб сўзлаши жуда хунук ҳолат. Ўзлигини англаган ҳар бир миллат ва элат учун тил бебаҳо ва тенгсиз бойлик саналади.
Дарҳақиқат, тилнинг аҳамияти, унинг мавжудлиги ҳар қандай юрт, миллат тараққиётини белгилаб бериши шубҳасиз. Айниқса, бугунги глобаллашув – дунё халқларининг турмуш тарзи умумийлик касб этган бир даврда юқоридаги сўзларнинг залвори икки ҳисса ортади. Она тилини муқаддас билган эл ҳамиша кимлигини англаб, ўзгаларга англатиб яшайди.
Айтилганлардан хулоса шуки, давлат тилимиз бўлмиш ўзбек тилига тўғри ва адолатли муносабатни шакллантириш учун унга ҳар томонлама эътиборни кучайтиришимиз, бу эътибор бошқа тилларга қарши эмас, балки она тилимизни ривожлантиришга қаратилишига эришмоғимиз, уни, аввало, замонавий илм-фан тилига айлантиришимиз керак. Шундагина ўзгалар ҳам тилимизни ҳурмат қилиб тан олади, ўрганади.
Умида ИСМОИЛОВА,
Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси