Савол беринг, жавоб берамиз!

Саволларга “Мадад” ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Маматов Фахриддин жавоб беради.

Савол. Мен яқинда ишга кириб, иш берувчининг кўрсатмаси бўйича зиммамга юклатилган ишларни қила бошладим. Аммо ташкилот раҳбари шу кунга қадар мени ишга қабул қилиш бўйича буйруқ чиқармаган. Ушбу ҳолатда мен билан ташкилот раҳбари ўртасида меҳнат шартномаси тузилмаган ҳисобланадими?
Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82 моддасига асосан Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъий назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
Демак, сизни ташкилот раҳбари ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқармаган бўлса ҳам сиз ишни бошлаган кундан бошлаб меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Савол. Мактабга мавсумий бўлган ўт ёқувчи лавозимига ишга кирмоқчиман. Ишга кирсам менга иш берувчи томонидан дастлабки синов муддати тайинланиши мумкинми?
Жавоб. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84 моддасига асосан ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек, ходимлар билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
Демак, сиз мактабга ўт ёқувчи бўлиб ишга кирсангиз сизга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилмайди.