Анор меваҳўри хавфли зараркунанда

Ҳозирги кунда бутун Ўзбекистон Республикасида етиштирилаётган анор мевалари хавфли зараркунанда ҳисобланган анор мевахўридан кучли зарарланмоқда. Бу эса республикамизда, вилоятимизнинг барча туманларида етиштирилаётган анор меваларининг экспортбоплигини пасайтирмоқда.
Анор мевахўри дарахтдаги гул, шона ва меваларни бутун вегетация мавсуми давомида зарарлайди. Баъзан анор дарахтларининг пўстлоқларига ҳам зарар етказиб уларни қувватдан кетказиб қўяди.
Анор мевахўрининг капалаклари қанотларини ёзганда 12-14 мм. Танаси 7-8 мм кул ранг тусда бўлади. Тухуми оқимтир сариқ, юзаси ғадир-будир, катталиги 0,75-1 мм. Қуртлари 8-11 мм, оч кул ранг, боши қўнғир-қора рангда бўлади. Гумбаги 8-9 мм жигар рангда бўлади.
Анор мевахўри қуртлик ва гумбаклик даврида тўкилган мевалар ичида, пўстида, пўстлоқ ёриқларида шохларида ва хазонлар остида қишлайди. Қишдан чиққан қуртлар апрель охири май ойи бошларида оқпиллаларда гумбакка айланади. Ёз фаслида гумбаклар 10-12 кунда етилади. Гумбаклардан учиб чиққан капалаклар тунда ҳаёт кечиради. Кундузлари дарахт таналари ва баргларига ёпишиб яшириниб олади. Урғочиси мева косачаларига унинг ёриқларига биттадан тухум қўяди. Урғочи капалак умри давомида 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда тухумнинг ривожланиши 5-7 кун давом этади. Тухумдан чиққан қуртлар косача ёки ёриқлар орқали мевалар ичига киради. Қуртнинг ривожланиши ёзда 20-25 кун давом этади. Қуртлар анор доначалари билан ва доналар Ўртасидаги пардалар билан озиқланади. Қаттиқ зарарланган анор мевалари ёрилиб кетади. Озиқланишни тамомлаган қурт мева косачасида ёки унинг ичида, пўстлоғи атрофида пилла ўрайди. Мева кам бўлса қуртлар шохлар пўстлоғи остидаги луб билан озиқланади. Анор мевахўрининг ёзда тўлиқ етилиши 35-40 кун давом этади. Йил давомида 5-6 та авлод беради.
Агротехник кураш чоралари:
Кузда хазон баргларини тўплаб ёқиб кўмиб юбориш, дарахт атрофлари ва тагларини чопиқ қилиш, тўкилган меваларни мунтазам териб олиш, дарахт тагларини оқлаш яхши самара беради.
Биологик кураш чоралари:
Анор мевахўрига қарши трихограмма, бракон, олтинкўз биомаҳсулотларини далага чиқариш яхши натижа беради.
Химиявий кураш чоралари:
Республика химиявий комиссияси томонидан рухсат этилган химиявий препаратлардан корбофос, каратэ, Би-58 янги, циперметрин, циракс, нурелл Д, атилла супер ва бошқаларни ҳар бир авлодига бир мартадан ишлатиш яхши натижа беради.
Қ. Раҳмонқулов,
П. Умаралиев,
Б. Салаев,
Б. Абрахматов,
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини инспекторлари