Коррупцияга қарши кураш кеча ва бугун

Коррупция – ниҳоятда ижтимоий-сиёсий вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, халқнинг давлат бошқаруви ҳокимияти органларига ишончи йўқолади, уюшган жиноятчилик кучаяди, жамиятда маънавият издан чиқа бошлайди. Коррупция оқибатида келиб чиқадиган нохуш ҳодисалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Коррупция бузғунчилик табиатига эга экани учун ҳам инсоний жамият қадим замонлардан бошлаб унга қарши курашиб келди.
ХХ асрга келиб Швеция, Сингапур, Янги Зеландия, Швейцария каби мамлакатларда коррупцияни қаттиқ жиловлашга муваффақ бўлиндики, мазкур давлатлар фуқаролари ва давлати орттирган тажриба барчани коррупцияга қарши курашга руҳлантириб юборди.
Коррупцияга қарши курашиш тизими юртимизда қай даражада такомиллашган ёки унинг камчиликлари нимада, албатта, бу барчамизга қизиқ. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтган ва унда таъкидланганидек, коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Шунингдек, мазкур йиғилишда мутасаддиларга хорижий тажриба асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилмани ташкил этишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилган. Мазкур тузилма нафақат бу борада давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган эди.
Шу ўринда қуйидагиларни таъкидлашимиз мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз, хусусан, таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради ва мамлакатимиз ҳам бу муаммодан холос бўлмаган. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлсада, ҳали бу иллат барҳам топмаган.
Юртдошларимизнинг фикрича, соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилишда коррупция кенг тарқалган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Aгентлик) ташкил этилди.
Aгентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Aгентлик Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор.
Фармон билан Aгентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, Aгентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди.
Aгентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.
Ривожланган хорижий давлатлардаги коррупцияга қарши курашиш тизими ва халқаро тажриба хусусида қуйидаги мисоллар билан келтирамиз:
Австралияда федерал тузилма ёки коррупцияга қарши кураш органларининг марказлаштирилган тизими йўқ. Ҳукумат тузилмалари фаолиятини назорат қилиш Австралия миллий жамоат ташкилотлари, парламент ва оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади. Ҳар қандай фуқаро бундай комиссияга шикоят қилиш ёки давлат мансабдор шахси томонидан содир этилган коррупция ҳаракати ҳақида хабар бериш ҳуқуқига эга.
Австрияда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида уч ҳафталик малака ошириш курси мавжуд. Ўқитувчилар сифатида, қоида тариқасида, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, олимлар, психологлар, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги мутахассислар таклиф этилади.
Буюк Британияда коррупцияга қарши курашнинг бош органи — катта миқдордаги фирибгарлик бўйича кураш бошқармаси (СФО, Serious Fraud Office) ҳисобланади.
“Британия коррупцияга қарши кураш форуми”, “Transparency international”, “Қашшоқликка қарши муҳандислар”, “Бош инфраструктура коррупцияга қарши кураш маркази” ва бошқалар каби нодавлат ташкилотлари Лондоннинг коррупцияни глобал бартараф этиш ғоясининг энг фаол намоёндалари ҳисобланади.
Ҳиндистонда коррупция муаммоси узоқ вақт давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мутахассисларнинг фикрича, коррупцияга қарши курашнинг кам самарадорлиги сабабларидан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмас.
Муаммони ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мақсадида Марказий комиссия томонидан миллий коррупцияга қарши кураш стратегияси лойиҳаси тайёрланди. Ушбу ҳужжатда коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида порахўрликка нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш учун тегишли таълимнинг ўрни муҳимлиги таъкидланади.
Индонезияда коррупцияга қарши кураш 2002 йилда ташкил этилган коррупцияга қарши кураш комиссияси (Komisi Pemberantasan Korupsi) ёрдамида давлат даражасида амалга оширилмоқда. “Коррупцияга қарши кураш комиссияси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ушбу орган фаолиятининг асосий йўналишларидан бири аҳоли ўртасида маърифий тушунтиришларни олиб бориш ва фуқароларнинг коррупцияга қарши хатти-ҳаракатларини шакллантиришга қаратилган таълим дастурларини амалга оширишдир.
Болалар боғчасидан бошлаб таълимнинг барча босқичларини қамраб олади. Мактабгача ва бошланғич мактаб ёшидаги болалар “коррупцияга қарши тўққиз қадриятлар” (ҳалоллик, меҳнатсеварлик, жасорат, масъулият, мустақиллик, адолат, интизом, камтарлик, эътибор) шаклланишини рағбатлантирадиган тематик китоблар (эртак ва чизиқ романлари), стол ва роль ўйинлари орқали коррупцияга қарши кураш руҳида тарбияланади. Ўрта мактаб ўқувчилари ва талабалар учун дарслар анъанавий тарзда маърузалар, семинарлар, мунозаралар шаклида ўтказилади.
Р. СУЛТАНОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи