Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган иқтидорли хотин-қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсиянома қуйидаги мезонлардан бири асосида берилади.
Кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар; тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар; 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари; шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар; ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар; ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар; олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).
Тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ишчи гуруҳ томонидан қўшимча қабул кўрсаткичлари учун танловда иштирок этишга тавсия этиладиган номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар талаб эталади:
мазкур Низомда кўрсатилган мезонлардан бирини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси билан); маълумотнома-объективка; умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан маълумотаома; паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари. Мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш тартиби бўйича кўшимча маълумотлар олиш бўйича туман Давлат хизматлари марказида жойлашган «Мадад» ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюросига мурожаат қилишларингиз мумкин.
Фахриддин МАМАТОВ,
«Мадад» ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси