Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатида зарар кўрган аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида зарурий инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилмоқда. Туман ҳокими Р. Гаппаров Сирдарё вилоятига бориб, Оқ олтин тумани «Шодлик» маҳалласидаги 11 та табиий офатдан зарар кўрган хонадонларни қуриш, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Туман ҳокимлиги томонидан айни кунларда 11 та хонадонлардан 5 таси ўз эгаларига топширилди. Мазкур оилаларнинг ҳар бирига 1 бошдан соғин сигирлар, 2 бошдан қўйлар ва уй-жой жиҳозлари берилди.
Яна 6 та хонадонларда қурилиш, таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, тез фурсатларда бу оилалар ҳам ватан ичидаги ватанига қайтиб, турмуш-тарзини давом эттиришлари мумкин бўлади. Элнинг бошига иш тушган бир пайтда ўз ёрдамини аямаган мутасадди раҳбарларга хонадон эгалари ўз миннатдорчилигини билдирдилар.