Куйдирги хавфли касаллик

Куйдирги ўта хавфли касаллик бўлиб – ҳайвон ва одамлар орасида тарқаладиган оғир заҳарланиш ва тери, ўпка, ошқозон ичак йўллари касалланиши кўринишида учрайди. Бу касаллик қадим замонлардан буён учраб келади ва ҳаттоки Гиппократ бу касаллик ҳақида кўп бора эслаб ўтган. Куйдиргининг хавфлилиги шундаки узоқ яқин ўтмишдан буён бу касалликка чалиниш ҳоллари ўлим билан тугаган.
Узоқ тажрибалар шуни кўрсатадики касалликка қарши ўз вақтида эмлаш ўтказиш, ветеринария-санитария талабларига риоя этиш ушбу касалликнинг кескин камайишига ҳамда одамлар ва чорва молларининг ўртасида кам учрашига сабаб бўлади. Муолажаларни тўғри ўтказиш, замонавий даволаш усуллари касалликка қарши курашишда муваффақиятли бўлиб келган.
Куйдирги касаллигини келтириб чиқарувчи таёқчалар спора ҳолида бўлиб у ташқи муҳитга чидамли, зарарли таъсирлардан сақланиш учун юпқа пардага ўралган бўлади. Куйдирги споралари билан ифлосланган сув, яйлов ўтлари ем-ҳашакларни чорва моллари истеъмол қилганда оғиз орқали ҳайвонларга ўтади. Куйдиргидан ўлган ҳайвонларни еган йиртқич ҳайвонларга ва итларга ҳам куйдирги юқади. Сибир язваси -куйдирги касаллиги билан асосан қора моллар, отлар, қўй ва эчкилар, қуён, мушук, чўчқа ва бошқа ҳайвонлар касалланиши мумкин. Куйдирги билан касалланган моллар тезда тиришади ва ичагидан қон кетади. Касаллик уларда асосан тери ёки септик формада бўлади. Чорва моллари кўпи билан 2-3 кунда баъзан эса бир неча соат ичида нобуд бўлади. Касал ҳайвонлар оғзидан, бурнидан, ичагидан, чиқарув органларидан қон аралаш суюқлик оқади. Шундай экан куйдирги манбаи чорва моллари десак хато қилмаган бўламиз. Одамлар куйдирги касаллиги билан оғриган молларни парвариш қилганда, уларни эркалатганда ўзларига касаллик спораларини юқтиради. Куйдирги ҳайвоннинг гўштидан, қонидан, жунидан, жигари, бошқа аъзолари ва улардан тайёрланган маҳсулотлардан ўтиши мумкин. Куйдирги билан асосан чорвага яқин кишилар касалланиш эҳтимоли юқори. Куйдирги тери орқали юққанда касаллик микроблари биринчи белгилари кўрингунча бир неча соатдан 6-8 кунгача вақт ўтади. Микроб юққан жойда аввало қизғиш доғ ҳосил бўлади, қичишади, ачишади ва одамни безовта қилади. Бу доғ аста секин нўхатдек келадиган тугунчага айланади ва тери сатҳидан кўтарилади, бир неча соатдан кейин пуфакчага айланади. Пуфакча ичи олдин сариқ суюқлик ҳолда бўлса, кейин қон аралаш қизил қўнғир ёки қора гунафша ранг пайдо қилади. Буни ёмон пуфакчалар деб аталади. Пуфакча ҳадеб қичишавергач бемор уни қашийди ва унинг ёрилиб кетишигача олиб келади. Унинг ўрнида қора пўст пайдо бўлади, сўнгра қораяди ва катталашади, атрофида янги пуфакчалар пайдо қилади, ёрилиб кўпаяверади, яра ўрнида қора кўмирга ўхшаш пўстлоқ пайдо бўлади. Яра атрофлари шишади. Шуниси аҳамиятлики ярага игна санчсангиз оғримайди. Куйдиргининг баъзан лабда пайдо бўлиши ёмон. Яра шу қадар катталашадики, бемор ҳатто нафас ололмай ўлиб қолиши мумкин. Касалликнинг ўпка кўриниши тезда пайдо бўлади, юқори температура, йўтал тутиши, кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлиши ва нафас олиши қийинлашади. Нафас йўлларининг яллиғланишидаги кўриниши эса оғиздаги қуруқлик, қориндаги оғриқ, қонсимон суюқликнинг оқиши билан характерланади. Куйдирги билан касалланишнинг энг ёмон оқибати кўп ҳолларда менингит билан касалланиши мумкинлигидир.
Касалликнинг олдини олишда ҳайвонларга доимий куйдиргига қарши эмлаш ишларининг олиб борилишидир. Ҳар йили бу тадбир бекаму кўст амалга оширилиши шарт. Куйдирги эҳтимоли сезилиши билан карантин эълон қилиниши шарт. Касалланган ҳайвонларни ажратиш вақтида даволаш чораларини кўриш, ўлган молларни четга чиқариб, уни ёқиб жуда катта чуқурликка кўмиб ташлаш зарур. Агарда касал мол ўлган жой кейинрок аниқланса у тезда ажратилиб, атроф куйдирилади, сўнгра 20 фоизли натрий хлор аралашмаси сепилади ҳамда ўша жой кўмилиб, яна дезинфекция қилинади. Соғлом моллар ҳам қайта эмланади. Касалланган одамлар эса зудлик билан шифохонага ётқизилиб, даволаниши шарт.
Чорва фермаларида ишлаб чиқарилаётган чорвачилик маҳсулотлари қаттиқ санитария назоратига олинади. Тери, жун ва муйналар ишлаб чиқарилишда дезинфекция қилиниши назоратга олинади. Профилактик эмлашлар ўтказиш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш кучайтирилади.
Шу кеча-кундузда туманимизда 8 та бемор куйдирги касаллигига гумон қилиниб туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифохонасига даволаниши учун ётқизилган. Ушбу беморларнинг яшаш жойларида санитария-ветеринария чора-тадбирлари олиб борилмоқда, чорва моллари куйдиргига қарши қайта эмланмоқда.
Куйдирги ўта хавфли касаллик. Буни эсдан чиқармаслик шарт. Шундай экан ҳар биримиз ўта эҳтиёткор бўлишимиз, моллар парваришини кўнгилдагидай ўтказишимиз, чорва молларимизни куйдиргига қарши эмлашни мунтазам равишда олиб боришимиз жуда зарур.

Ч. ПАРДАЕВ,
туман СЭО маркази Жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи