Виждон еркинлиги тушунчасининг маьноси

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга асосан Республикамиз фуқароларининг эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди.
Мамлакатимизда том маънодаги виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш ва инсонлар ҳаётида таъминлаш учун тўлақонли ҳуқуқий тизим яратилган. У «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун талқинига кўра, виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир (3-модда). Шу ўринда “виждон” ва “виждон эркинлиги” нима эканлиги ҳақида тўхталиб ўтсак: Виждон — ахлоқий тушунча, яхшилик нима-ю, ёмонлик нималигига жавоб берадиган ички ишонч, ўз хатти-ҳаракатлари учун ахлоқий масъулиятни англаш. Виждон шахснинг ахлоқий жиҳатдан ўз-ўзини назорат қила олиш, ўзида ахлоқий бурчни мустақил шакллантириш ҳамда ўзидан уни адо этишни талаб қилиш ва ўз хатти-ҳаракатларига баҳо бериш қобилиятини ифодалайди. Виждон эркинлиги — ижтимоий-фалсафий тушунча; ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюргани бўйича яшаш, ишлаш имконияти. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади. Сиёсий жиҳатдан виждон эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Юридик нуқтаи назардан виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуқлари сирасига киради ва демократик эркинликлардан бири ҳисобланади. Миллий Қомусимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг барқарорлиги ундаги халқлар, миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақатгина қонуний ҳужжатларда белгиланишига эмас, балки уларнинг амалда қай даражада ўз тасдиғини топишига ҳам боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари нафақат қонунан мустаҳкамлаб қўйилганини, балки амалиётда ҳам ушбу Қонундан келиб чиқувчи тамойилларга қатъий риоя қилинаётганини ҳаётий далиллар ҳам тасдиқлашини таъкидлаш зарур. Шу билан бирга халқимизнинг унутилаёзган неча минг йиллик диний ва миллий қадриятларига кенг йўл очиб берилди. Мустабид шўро даврида ман этилган диний ва миллий қадриятларимиз – Рўза ва Қурбон ҳайитлари, марҳумларни хотирлаш каби азалий удумларимиз, урф-одатларимиз тикланди. Муҳтарам Президентимизнинг фармонлари ва Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари билан Ийди Рамазон, Қурбон ҳайити, Мустақиллик, Наврўз байрами, Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрамлари ва дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Албатта, бу хайрли ислоҳотларнинг барчаси халқимизнинг эркин ва фаровон яшаши учундир.

ў. ШАЙНАЗАРОВ,
Транспортда ХТБ Тангимуш бекатидаги ХПГ инспектори, катта лейтенант.